Намангандан 12709 гектар майдон Қирғизистонга берилиши мумкин

Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12709 гектар яйлов-ер майдонини Қирғизистонга ўтказиб берилиши мумкин.

Бу банд акс этган «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари бугун, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Йиғилишда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўзи томонидан имзоланган шартнома бўйича тушунтириш берди. Унинг қайд этишича, Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистон СССРнинг Кампиробод ёки Андижон сув омбори чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти бўлган. Аммо бу бажарилмаган.

«Собиқ Иттифоқ даврида сув омбори қурилган вақтда Ўзбекистон томонидан Кампиробод ёки Андижон сув омбори чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти олинган. Лекин, ҳар хил сабаблар билан ушбу канал қурилмай қолиб кетган. Айнан шу мажбурият бажарилмагани боис Қирғизистон томони узоқ йиллар давомида катта миқдордаги – 8 мингдан ошиқ гектар ер майдонларини Бургандар массивида ўзлаштирмай қолган. Бу эса Қирғиз Республикаси иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатганини таъкидлаб келишган.

Канал қурилмагани сабабли ушбу ўзлаштирилмай қолган ер майдонларини компенсация қилиб бериш мақсадида олдиндан баҳсли бўлган – Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12709 гектар яйлов-ер майдонини Қирғизистонга ўтказиб бериш таклиф этиляпти», дейди Арипов.

Янгиликлар