Андижонда 250 млн сўмга яқин бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдорлар қўлга олинди
Андижонда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мансабдор шахслари томонидан 200 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га маълум қилди.
Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда ишламаган ходимларга ойлик маоши тўлаш ҳамда асоссиз мукофот пуллари ва қўшимча устамалар тўлаб берилиши натижасида 239,1 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан бошқарма мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули, Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм ҳамда Aндижонда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан 159, 3 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Навоийда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган «СЭС» бош шифокори ва омбор мудири ҳибсга олингани, Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушгани ва Паркентда «СЭС» ходимларининг давлатга салкам 400 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум қилинганди.