Aндижонда 4,5 мингдан ортиқ мактаб битирувчиси талаба бўлди

Aндижонда 38 минг нафар мактаб битирувчисидан 4,5 мингдан ортиғи талабаликка қабул қилинди. Бу ҳақда вилоят Xалқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, ўтган ўқув йилида вилоятдаги мактабларни 40 298 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, шундан 38 минг нафари ўқишини Олий таълим муассасасида давом эттириш мақсадида ҳужжат топширган.

Маълум қилинишича, битирувчиларнинг мингга яқини фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақалари ва кўрик-танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллагани учун имтиёзни қўлга киритган. Шунингдек, 2—13 cентябрь кунлари ўтказилган тест синовлари натижасига кўра 4561 нафар битирувчи ОТМга қабул қилинган.

Марҳамат туманидаги 3-давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатини директори Маҳфуза Ўринованинг айтишича, бу йил интернатни тамомлаган 25 нафар битирувчининг барчаси тест синовларидан муваффақиятли ўтган. Уларнинг 11 нафари давлат гранти, қолган 14 нафари эса тўлов-шартномаси асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Таъкидланишича, вилоят ХТБ тасарруфидаги 67 та мактабнинг 190 нафар битирувчиси муддатидан аввал 14 та олий таълим муассасаси талабалари сафига қабул қилинган. Ўтган ўқув йилида вилоятда 40 298 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлаган бўлса, уларнинг 936 нафарига олтин, 643 нафари эса кумуш медали берилгани қайд этилган.

Мавзуга доир: Андижонда қайси мактабдан энг кўп битирувчи талабаликка қабул қилингани маълум бўлди

Aввалроқ Қоракўлда Халқаро математика мактабининг барча битирувчилари талабаликка қабул қилингани ҳақда хабар қилди.

Янгиликлар