Aндижондаги барча AЁҚШлар 27 октябрдан соат 16:00 га қадар ишлаши белгиланди
Aндижон вилоятидаги 81 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг барчаси 27 октябрдан 06:00 дан 16:00 га қадар ишлайди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Aндижон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, қиш мавсумида табиий газни етказиб беришда технологик режим жараёнларидаги газ билан боғлиқ ишлар бажарилиши муносабати билан вилоятга келувчи табиий газ босимида пасайиш кузатилмоқда. Шу сабабли етказиб берилган табиий газ тақсимотига кўра, табиий газ, биринчи навбатда, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилган.
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоятдаги мавжуд автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига табиий газни етказиб бериш жорий йилнинг 27 октябридан ҳар кунлик эрталаб соат 06:00 дан кеч соат 16:00 га қадар белгиланди. Вилоятимиздаги барча ҳайдовчилардан ўз автоуловларига газ тўлдиришда ҳар кунлик белгиланган 06:00—16:00 вақт оралиғида газ тўлдириш ишларини техника хавфсизлиги қоидалари асосида амалга оширишини сўраймиз», дейилади хабарда.
Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 81 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари автомобилларга мазкур вақт оралиғида ёқилғи етказиб бериш қувватига эга эканлиги эслатиб ўтилган.
Aввалроқ Ўзбекистонда 1 сентябрдан ҳожатхонаси йўқ автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.