Асака ҳокимлиги банкда карантин қоидаларига риоя этилмаётгани юзасидан қилинган мурожаатга муносабат билдирди
Андижон вилояти Асака тумани ҳокимлиги банкда карантин қоидаларига риоя қилинмаётгани сабаб тирбандлик юзага келгани юзасидан қилинган мурожаатга расмий муносабат билдирди.
Фуқаролар томонидан 10 сентябрь, пайшанба куни тумандаги Халқ банки Асака филиалида карантин қоидаларига риоя этилмаётгани сабабли одамлар билан тирбандлик юзага келаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган эди. Ушбу мурожаат туман ҳокимлиги ҳамда Халқ банки Асака тумани филиали рахбари иштирокида ўрганиб чиқилган.
Расмий муносабатда таъкидланишича, ўрганиш давомида банк худудида карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилаётгани аниқланган. Бироқ айрим фуқаролар томонидан карантин қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб туриши ҳам айтилган. Маълум бўлишича, улар томонидан ташкил этилган дезинфекцион туннеллардан ўтмаслик, ҳимоя ниқоби тақмаслик ва масофа сақламаслик холатлари кузатилиб келинмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишларида аниқланишича, банкда фаолият юритиб келаётган барча ходимлар фуқароларга карантин қоидаларига риоя этишлари тўғрисида тушунчалар олиб борилмоқда.
«Ҳозирда банк ҳудудида карантин нормаларига риоя этилган ҳолда иш ташкил этиб келинмоқда», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Аввалроқ Андижонда 11 та тўй карантин қоидаларига зид равишда ўтказилгани, Халқ таълими вазирлиги пандемия шароитида мактабларга кириб-чиқиш тартибини маълум қилгани хабар қилинган эди.