Бешариқда ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида «Nexia-2» ағдарилиб кетди
Фарғона вилояти Бешариқ туманида 9 сентябрь куни «Nexia-2» ҳайдовчиси тегишли ҳужжатларсиз автомобилни бошқариб кетаётиб ухлаб қолган. Бунинг оқибатида машина йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб ағдарилиб кетган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ушбу воқеа 9 сентябрь, чоршанба куни соат 06:00 да тумандаги Жар қишлоғида бўлган. Ҳайдовчи М.М. Яйпан—Рапқон—Бешарик—Чилмаҳра автомобиль йўлининг 19-километри Жар кишлоғи ҳудудида тегишли ҳужжатларсиз автомобилни бошқариб кетаётиб, ухлаб қолган. Шундан сўнг ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги бетон тўсиққа урилиши натижасида автомобиль ағдарилиб кетган.
Қайд этилишича, оқибатда ҳайдовчи тан жароҳати олиб, туман марказий шифохонасига ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ўзи ва яна 3 нафар йўловчининг вафотига сабаб бўлгани ҳамда Ғиждувонда «Nexia» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилгани ҳақида хабар қилинганди.