Бухорода 14 сентябрдан 17 та мактабда анъанавий таълим бошланади
Бухоро вилоятида 14 сентябрь, душанба кунидан 17 та мактабда анъанавий таълим бошланади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шу куни Бухоро шаҳридаги 1, Когон шаҳридаги 2, Бухоро туманидаги 7, 25, 29, Вобкент туманидаги 2, 3, 4, Пешку туманидаги 41, Қоровулбозор туманидаги 5, Ғиждувон туманидаги 1, 8, 18, 43, 47, 51 ҳамда 64-умумтаълим мактабларида анаъанавий таълим шаклида ўқув жараёнлари бошланиши белгиланган. Дастлабки кунларда асосан бошланғич синф ўқувчилари анъанавий таълим шаклига жалб қилиниши қайд этилган. Юқори синфларга вазиятга қараб, босқичма-босқич рухсат берилиши режалаштирилган.
Ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун мактабларга ҳудудий ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия, тиббиёт, санитария-эпидемиология осойишталик маркази ва маҳалла раислари бириктирилган. Шунингдек, ҳар бир мактаб пирометр ва антисептик воситалари билан таъминланган.
Ҳар бир шаҳар ва туман кесимида фаолияти тикланаётган мактаблар тўғрисидаги маълумотлар тегишлилиги бўйича ҳокимликлар ва туман халқ таълими бўлимлари расмий интернет тармоқларида эълон қилиниши белгиланган. Шу билан биргаликда, мактаблар синф раҳбарлари орқали ота-оналарни хабардор қилиб бориши қайд этилган.
Мактаб фаолиятини тикламаган ўқувчиларнинг таълим олиши «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланиши режалаштирилган. «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасидаги дарслар жадвали кунлик равишда эълон қилиб борилиши қайд этилган.
Маълумот учун, мактабларда анъанавий таълим бошланиши бўйича қарорни ҳудуддаги эпидемиологик вазият, ўқитувчиларда аниқланган коронавирус кўрсаткичи ва ҳудуддаги соғлиқни сақлаш тизимининг вазиятга тайёрлигидан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилиниши белгиланган.
Аввалроқ Пастдарғомда мактаб ва боғчалар 14 сентябрдан босқичма-босқич очилиши ва Самарқанд шаҳрида 21 сентябрдан 2 та мактабда таълим анъанавий шаклда бошланиши ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистонда 14 сентябрдан анъанавий шаклда фаолиятини бошлайдиган мактаблар сони маълум қилинди.