Данғарада ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 30 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди (фото)
Фарғона вилояти Данғара туманида ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 30 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда туман Маданият марказида 7 сентябрь куни вақтинча иш билан банд бўлмаган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида «Меҳнат ярмаркаси»си ўтказган.
Ярмаркада асосий эътибор аҳолини ижтимоий маънавий муҳитини ўрганиш жараёнида ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш, меҳнат мигрантларини иш билан таъминлашга қаратилди. «Меҳнат ярмаркасида»да тумандаги 56 та корхона, ташкилот ва муассасалар ўзида мавжуд 245 та бўш иш ўрни билан қатнашди.
Ярмаркада 152 нафар иш билан банд бўлмаган ишсиз фуқаролар катнашди. Шундан 52 нафари ёшлар, 76 нафарини аёллар ташкил этди. Меҳнат ярмаркаси давомида 76 нафар ишсиз фуқаролар рўйхатга олинди. Жумладан, 38 нафар ишсиз фуқароларга тумандаги корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.
Маълумот учун, Наманганда «Меҳнат ярмаркаси»да 180 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижондаги «Меҳнат ярмаркаси»да 64 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлгани, Когонда 50 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани ҳамда Пахтаободда Андижон вилояти прокурори томонидан 14 нафар битирувчига тикув машинаси берилгани ҳақида хабар қилинганди.