Фарғона туманида хонадонида марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаб келган эркак қўлга олинди

Фарғона туманида 23 октябрь куни хонадонида марихуана гиёҳвандлик моддасини яширинча сақлаб келган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Фарғона туманида 23 октябрь куни ўтказилган тадбир давомида «Баҳор» маҳалла ҳудудида яшовчи М.Н.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида чўнтагида гашиш олиб юрган маст эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар