Фарғонада ҳарбий хизматчи аёллар ўртасида беллашув ташкил этилди
Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармасида мамлакат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаб аёл ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро беллашуви ташкил этилди. Бу ҳақда Миллий гвардия хабар берди.
Хабарга кўра, ушбу мусобақада югуриш, махсус нишонга пичоқ санчиш, куч ишлатиш машқлари, қурол билан боғлиқ тезкорлик, зийраклик ҳамда моҳирликка йўналтирилган махсус шартлар орқали ҳарбий хизматчиларнинг билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.
Қайд этилишича, беллашув якунида иштирокчилар раҳбарият томонидан бир қатор номинациялар бўйича муносиб тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, Бухорода Миллий гвардия ташкил этган сайёр қабулга 56 нафар ҳарбий хизматчи оила аъзоларидан мурожаатлар келиб тушгани ҳамда Бухоро тумани Миллий гвардия томонидан оилавий шароити оғир фуқароларга қорамол тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.