Фарғонада ўтказилган АКТ вазири ўринбосари қабулида 23 та мурожаат ҳал этилди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Фарғона вилоятида ўтказган қабулда 23 та мурожаат ҳал этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент Администрацияси раҳбарлигида Республика ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятида ўтказилаётган сайёр қабул давомида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жисмоний ва юридик шахслар томонидан мурожаатлар келиб тушган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Жамшид Эгамбердиев томонидан 14—16 октябрь кунлари Фарғона вилоятида сайёр қабул ўтказилган. Таъкидланишича, 14—15 октябрь кунлари Фарғона вилоятининг Учкўприк ҳамда Ўзбекистон туманларида ўтказилган сайёр қабул давомида Қўқон шаҳри, Данғара, Бешариқ, Фурқат ва Бувайда туманлари фуқароларидан соҳа йўналиши бўйича жами 31 та мурожаат келиб тушган. Тушган мурожаатлардан 23 таси сайёр қабул давомида ижобий ҳал қилинган ва 8 таси назоратга олинган.
«АКТ вазири ўринбосарининг Фарғона вилоятида ўтказилаётган сайёр қабули давом этмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Бешариқда прокурор ўтказган сайёр қабулда 3 кишининг мурожаати ва Асака ҳокими ўтказган қабулда 100 дан ортиқ мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқанд туманида ўтказилган сайёр қабулда 20 га яқин мурожаат ўрганилгани ҳамда Қўқон шаҳар ҳокими ўтказган қабулда 29 та мурожаат тинглангани маълум қилинганди.