Касалланиш камаймоқда: Ўзбекистон коронавирусни енгдими ёки бошқалар билмаган даволаш усулини топдими? Нурмат Отабеков жавоб берди

АОКАда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида 14 ноябрь, шанба куни брифинг ўтказилди. Брифинг давомида мутахассис аҳолидан тушган бир нечта саволларга жавоб қайтарди.

Кадр: YouTube

Нурмат Отабеков дунё бўйлаб коронавирусдан касалланганлар сони ортаётган вақтда Ўзбекистонда касалланиш ҳолатлари камаяётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.

«Ҳақиқатан, ҳам дунё бўйича вазият мураккаблигича сақланиб турибди. Биз эса ҳали коронавирусни енгганимиз ва янгича усулларни ҳам ўйлаб топганимиз йўқ.

Назаримизда, республикада олиб борилаётган профилактик тадбирлар, беморларни эрта аниқлаш, алоҳидалаш, саралаш пунктларига юбориш билан боғлиқ ишларимиз самарасини бераяпти», — дея таъкидлаган штаб аъзоси.

Шунингдек, мутахассис мамлакатда коронавирус инфекциясининг тарқалиши олдини олиш учун фойда берган усулларни санаб ўтган.

«Энг катта ютуғимиз — дока ниқоб тақиб юрганлигимиз, ижтимоий масофани сақлаётганлигимиз, антисептик воситалардан фойдаланаётганлигимиз. Бирламчи бўғин тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишлар, мобиль бригадаларнинг фаолияти, Call-марказларининг ишлаши, карантин қоидаларига риоя этилиши ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда, десак муболаға бўлмайди», — деган Нурмат Отабеков.

Бундан ташқари, у фуқаролар коронавирусга қарши кўрилаётган эҳтиёт чораларига яхшироқ эътибор берганда, вазият янада яхшироқ бўлиши мумкинлигини билдирган.

Аввалроқ коронавирус инфекцияси доим ҳам ўпка яллиғланишини келтириб чиқармаслиги ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, қандай касаллиги бор коронавирус беморлари орасида ўлим ҳолати кўп кузатилаётгани ҳамда фуқаролар гигиена қоидаларига амал қилса, Ўзбекистонда карантин чекловлари кучайтирилмаслиги маълум қилинган.

Янгиликлар