Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 30 октябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» маълумотларига кўра дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 45,6 миллиондан ошди.
«Worldometers»нинг 30 октябрь, жума куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 45 674 388 киши;
- касалликдан тузалганлар 33 115 957 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар 1 190 415 кишини ташкил этади.
Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 357 804 та касалланиш ҳамда 4682 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 30 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 66 705 тани ташкил этмоқда.
Мамлакатда 30 октябрь куни 251 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 77 таси Тошкент шаҳрида, 67 таси Тошкент вилоятида, 21 таси Наманган вилоятида, 15 таси Сирдарё вилоятида, 13 таси Андижон вилоятида, 11 таси Жиззах вилоятида, 10 таси Хоразм вилоятида, 9 таси Фарғона вилоятида, 7 таси Самарқанд вилоятида, 7 таси Қорақалпоғистонда, 7 таси Сурхондарё вилоятида, 4 таси Қашқадарё вилоятида ҳамда 3 таси Навоий вилоятида қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 563 нафарга етган. 30 октябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.
Кун давомида Тошкент шаҳрида 97 нафар, Тошкент вилоятида 69 нафар, Сирдарё вилоятида 23 нафар, Фарғона вилоятида 13 нафар, Андижон вилоятида 13 нафар, Наманган вилоятида 9 нафар, Жиззах вилоятида 8 нафар, Қорақалпоғистонда 6 нафар, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 6 нафардан, Қашқадарё вилоятида 4 нафар, жами 265 нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 66 705 нафар бемордан 63 978 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2164 нафар бемордан 269 нафари оғир, 73 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 29 октябрь куни 254 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 9 243 686 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (8,1 миллион киши), Бразилия (5,4 миллион киши), Россия (1,5 миллион киши), Франция (1,2 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 45,6 миллиондан ортиқ киши касалланган.
Қозоғистонда 30 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 111 492 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 106 187 нафари тўлиқ соғайган, 1825 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 392 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 37 574 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 687 нафари тузалган, 399 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 30 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 58 394 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 49 522 нафари соғайиб, 1142 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 7730 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида ушбу касалликка чалинган 425 бемор соғайган.
Тожикистонда 30 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 977 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 10 182 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 82 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 38 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 30 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 599 976 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 200 560 нафари соғайган, 27 656 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 18 283 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 355 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 45 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.