Молия вазири ўринбосари пенсия ва нафақалар нега айнан 10 фоизга оширилаётганини маълум қилди
Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев пенсия ва нафақалар нега айнан 10 фоизга оширилаётганини тушунтирди. Бу ҳақида «Кун.уз» хабар берди.
«Президент фармони билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилмоқда.
Бу фармон 2.5 триллионлик чора-тадбирларни ўз ичига олган. Бунинг натижасида 2 миллион 800 минг нафар кекса ёшдаги пенсионерлар ва 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган нафақахўр шахслар пандемия пайтида давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бизга савол беришларингиз мумкин, ‘Нега 10 фоиз ва нимадан келиб чиққан ҳолда?’ дея. Бу инфляциями? Йўқ, бу инфляция эмас. Бизда инфляция 7 ойлик кўрсаткичлар бўйича анча паст. Дастлабки маълумотларга кўра, бизда ўтган 7 ойлик бўйича 4,3 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бу 10 фоиз эса қарияларнинг турли маҳсулотларга ва хизматларга бўлган эҳтиёжи учун. Айнан шундай қийин пайтда улар қўллаб-қувватланяпти», — дейди вазир ўринбосари.
Шунингдек, Жамшид Абруев ҳукумат «бу оширишда ўзининг бор молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда» иш кўраётганини таъкидлади.
«Чунки мана шу тадбирнинг ўзи 2020 йил бюджети учун 1 триллион 40 миллиард сўм қўшимча ҳаражат бўляпти.
Хўш, бу нима учун 2 ёки 3 триллион эмас? Чунки биз ҳисоб-китоб ва имкониятимиздан келиб чиқиб ишлаяпмиз. Бунинг учун биз четдан ҳеч қандай қарз жалб қилмаяпмиз», — деди у.
Вазир ўринбосари ўз сўзида шу каби тўловларни оширишда 2019 йилдан бошлаб янги тизим ишлаётгани, яъни «энг кам иш ҳақи» тушунчаси ўрнига «базавий ҳисоблаш миқдори» атамаси киритилганини ҳам эслатиб ўтди.
«Эътибор берган бўлсангиз, биз шу йилнинг 1 февралида ҳам фақат иш ҳақи, пенсия ва нафақани оширдик. Ҳозир ҳам пенсия ва нафақаларнинг ўзини оширяпмиз ва бунга бошқа тўловларни оширмаслик орқали эришилди», — деди Жамшид Абруев.
Aввалроқ Ўзбекистонда пенсиялар сентябрдан бошлаб 10 фоизга оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Ўзбекистонда ўтган 6 ойда қанча компенсация ва “суюнчи пули” тўлангани маълум қилинганди. Шунингдек, қишлоқларда ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш соҳасига 9,6 миллион евро ажратилиши ҳақида хабар берилганди.