Наманган шаҳрида Гулистондаги портлашдан сўнг коронавирус беморларини даволовчи шифохоналар ҳолати ўрганилди

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Гулистон шаҳридаги коронавирус беморлари даволанаётган мажмуада юз берган портлашдан сўнг Наманган шаҳридаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналарнинг ҳолатини ўрганди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳридаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналар ҳолати билан танишган. Хусусан, вилоят раҳбари «Баркамол авлод» мажмуаси, вилоят юқумли касалликлар ва кўп тармоқли шифохонлари, саралаш ва тақсимлаш ҳамда реабилитация марказларида бўлган. Уларда беморлар ва тиббий персонал учун яратилган шароитлар, куз-қишга тайёргарлик, кўрилган эҳтиёт чоралари, хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини кўздан кечирган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Cирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги саралаш ва тақсимлаш марказида рўй берган кўнгилсиз воқеа барчамизга сабоқ бўлиши керак. Вилоятимиздаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналар синчиклаб кўздан кечирилиши, уларда фойдаланилаётган қурилмалар текширувдан ўтказилиши, қурилмаларни ишлатаётган ходимлар малакаси қайта кўриб чиқилиши зарур», — деди вилоят ҳокими.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ўрганишлар давомида Наманган шаҳридаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналарнинг барчаси генераторлар билан таъминланганлиги маълумот учун қабул қилинган. Шунингдек, кислород баллонлари билан ишлайдиган операторларни қайта ўқитиш ва малакасини ошириш юзасидан кўрсатма берилган.

Маълумот ўрнида, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 7 октябрь, чоршанба куни соат 8:13 да «Aлпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирусга гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида портлаш юз берган. Кейинчалик Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мажмуадаги кислород баллони ёрилиши оқибатида портлаш содир бўлганини тасдиқлаб, фуқароларга тан жароҳати етганини маълум қилганди. Вазирликнинг рус тилидаги ахборотида портлаш оқибатида камида бир киши енгил тан жароҳати олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар