Наманган туманида «Damas» ва велосипед иштирокидаги ЙТҲ оқибатида велосипед ҳайдовчиси вафот этди

Наманган туманидаги Хонобод—Қиёт—Косонсой йўлида 16 октябрь куни «Damas» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, велосипедчини уриб юборган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 16 октябрь куни соат 18:30 ларда Хонобод—Қиёт—Косонсой йўлининг 7-километрида Наманган туманида яшовчи фуқаро отасининг номида бўлган «Damas» автомашинасини тегишли ҳужжатлар билан бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Шундан сўнг йўлни кесиб ўтаётган велосипедчини уриб юборган. Натижада жабрланувчи тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Наманганда ЙТҲ оқибатида юк машинасининг йўловчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар