Наманганда 8 ой давомида 147 млрд сўмга яқин солиқлар ундирилди

Наманган вилоятида 8 ой давомида 147 миллиард сўмга яқин солиқлар ундирилди. Бу ҳақида Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Қайд этилишича, МИБнинг Наманган шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувида 2020 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, 7547 та умумий қиймати 190 миллиард сўмлик ижро ҳужжатлари мавжуд. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 5539 та 147 миллиард сўмга яқин ижро ҳужжатлари амалда тамомланган.

Хусусан, Бюронинг Наманган шаҳар бўлими иш юритувида қарздор «Наманган Агрокимёҳимоя» ХАЖдан солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.

Мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида қарздор жамиятга солиқни тўлаш бўйича ихтиёрий муддат берилган. Ижро ихтиёрий муддатда бажарилмагани учун жамиятга тегишли автотранспорт воситалари ва кўчмас мулклар хатланган. Шундан сўнг, 2 миллиард 199 миллион сўм солиқ қарздорлик ундирилиб, бўлим депозит ҳисоб-рақамига ўтказилган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 8 ойи давомида 20 миллиард сўмдан ортиқ мол-мулклар солиқ қарздорлиги учун хатланиб, «E-ijro» аукцион савдоси орқали сотувга чиқарилган. Бундан ташқари, шаҳар ва туманлар солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда 79 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюждетга туширишга эришилган.

Аввалроқ Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинди.

Янгиликлар