Наманганда танишидан 127,5 млн сўмлик чорва молларини олиб, пулини бермаган эркак ушланди
Наманган вилоятида танишининг ишончига кириб, 9 бош моли ҳамда 2 бош қўйини 127,5 миллион сўмга сотиб олишини айтиб, пулини бермаган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 24 сентябрь куни Уйчи туманида яшовчи фуқаро туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, 2020 йил 29 июнь куни таниши унинг ишончига кириб, 9 бош молини ҳамда 2 бош қўйини 127 500 000 сўмга сотиб олишга келишган. Фуқаро пулларни 10 июль куни тўлиқ беришини айтиб, ҳайвонларини олиб кетган. Ҳайвонларни бошқа шахсларга сотиб юбориб, пулларни ҳозирги кунга қадар бермаган.
Ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Фарғона туманида молхонадан 7 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган, Олтиариқда эса уч бош отни 21 миллион сўмга сотиб олишини айтиб, пулини бермаган эркак ушланганди. Шунингдек, Ёзёвонда 10 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган эркак қамоққа олинганди.