Нарпайда 13 нафар маҳкум муддатидан олдин озод этилди
Самарқанд вилояти Нарпай туманида 25 август, сешанба куни 13 нафар маҳкум суд мажлисида тайинланган жазоларидан шартли равишда озод этилди. Бу ҳақда Нарпай тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Нарпай туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи ҳисобида турган 13 нафар назоратдаги шахсларни содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонликлари, ахлоқан тузалиш йўлига ўтганликлари ҳамда муқобил жазоларини ўташда ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилиб, қайта жиноят содир этиш йўлидан қайтганликлари сабабли озод этилган.
Маҳбуслар Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судида ўтказилган суд мажлисида тайинланган жазоларидан шартли равишда озод этилган.
Аввалроқ Ургутда 17 нафар, Пастдарғомда 18 нафар, Иштихонда 15 нафар, Булунғурда 8 нафар, Самарқанд туманида 21 нафар, Самарқанд шаҳрида 33 нафар ва Ургут туманида 16 нафар, Пахтачида 19 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилингани ҳақида хабар берилган эди.