Норинда бошпанасиз аёл иш ва уй билан таъминланади
Наманган вилояти Норин туманидаги «Яшиқ» маҳалласида яшовчи аёл иш ва уй билан таъминланади. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақовга Норин туманидаги «Яшиқ» маҳалласида яшовчи Зуҳра Абдуллаева уй-жой шароитини яхшилаш масаласида мурожаат қилган.
Айтилишича, Зуҳра Абдуллаева 4 яшар ўғлини ёлғиз парвариш қилиб келаётгани ва уй-жойга эҳтиёжи борлиги учун унга «Яшиқ» маҳалласидаги собиқ масжид биносидан бошпана берилган. Бироқ бу ерда ёнғин содир бўлиб, бинога жиддий зарар етган.
Шунингдек, ҳолат билан танишган вилоят ҳокими фуқарони янги уй-жой ва иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Бу бўйича мутасаддиларга керакли топшириқлар берилди. Ушбу бинода тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ҳудуддаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш таклифи илгари сурилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норин тумани маҳаллаларидаги муаммоларни бартараф этиш учун 3 миллиард сўм ажратилгани ва Учқўрғоннинг «Ёғду» маҳалласига сув қувурлари тортилиб, асфальт ётқизилгани хабар қилинганди.