Ўзбекистон туманида 20 млн сўмлик 5 бош қорамол ўғирлаган эркак қўлга олинди
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 20 миллион сўмлик 5 бош қорамол ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон туманида 5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси фуқаро Ю.Ё. Қулибек қишлоғидаги фермер хўжалигининг даласида қаровсиз қолдирилган нархи 20 миллион сўмлик беш бош қорамолини ўғирлаган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқдарёда 33 миллион сўмлик 4 бош қорамол ўғирлаган шахс ушланганди. Шунингдек, Каттақўрғонда танишидан 135 миллион сўмлик қорамол олиб, пулини бермаган фуқарога жиноий иш қўзғатилган.