Ўзбекистонда 500 га яқин давлат активлари сотувга қўйилади

Шавкат Мирзиёев раислигида давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда 2 мингдан ортиқ давлат активларига тегишли масалалар тасдиқланган. Шундан 479 та корхона ва 15 та кўчмас мулк савдоларга қўйилади, 62 та корхона хусусийлаштиришга тайёрланади, 32 та корхона ва тармоқ трансформация қилинади, 507 та бозор фаолияти такомиллаштирилади. Бундан ташқари, илгариги қарорларда кўрсатилган 386 та ҳамда сотиш ваколати ҳокимларга берилган 559 та объект савдоларга чиқарилади.

«Очиқ айтиш керак: олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта раҳбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга, на тадбиркорга наф келтиряпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, йиғилишда тадбиркорларга таклиф этиладиган 479 та корхонанинг ҳар бирига алоҳида ёндашиш, уларни соддалаштирилган тартибда савдога чиқариш кераклиги таъкидланган. Бўш ер ва иншоотларни хатловдан ўтказиб, корхоналар эҳтиёжидан ортиғини аукционга чиқариш зарурлиги айтилган. Аввал қабул қилинган қарорлар доирасидаги ҳамда сотиш ваколати вилоят ҳокимларига берилган давлат объектларини хусусийлаштириб, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда Ўзбекистонда энергетика соҳасига бир йил ичида 2 миллиард доллар сармоя киритилиши маълум бўлди.

Янгиликлар