Ўзбекистонда айрим солиқ тўловчилар учун имтиёзлар белгиланди

Ўзбекистонда солиқ тўловчиларга айрим ҳолларда солиқларни бўнак тўловлари бўйича фоизсиз кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, бу Шавкат Мирзиёев томонидан 1 декабрь куни имзоланган «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига асосан ўзгартирилган Солиқ кодексида белгиланган.

Маълум қилинишича, «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгартишларга кўра:

  • қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқни кўпайтириш (етиштириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил учун белгиланган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди;
  • 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда умумий овқатланиш корхоналари алкогол маҳсулотини чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим тўлашдан озод қилинди.

Aввалроқ Ўзбекистондаги 3 та банкка еврооблигация маблағларидан 1 триллион сўм жойлаштирилиши ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар