Ўзбекистонда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот Теlegram каналида хабар қилинди.
Фармонга мувофиқ 2022 йил 1 январга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси экспорт қилувчиларга:
- экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган кредит фоиз ставкаси ва миқдоридан қатъий назар: миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 10 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда компенсациялар тақдим этади. Шунингдек, чет эл валютасидаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 5 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда компенсациялар тақдим этади;
- тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлари учун бериладиган кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик беради;
- ижобий кредит тарихига эга бўлса, аввал олган кредитлари бўйича қарздорлиги бўлишидан қатъий назар, экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун қўшимча олинадиган кредитлари бўйича юқорида белгиланган миқдорлар ва шартларда компенсация ва (ёки) кафилликлар тақдим этади;
- тақдим этиладиган кафилликлар бўйича комиссия тўловларини 2 бараварга камайтирилган миқдорда ундиради.
Шунингдек, фармон билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига қатор қўшимча вазифалар юклатилди. Aгентликка юкланаётган қўшимча вазифаларни амалга ошириш учун унинг ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Aввалроқ Ўзбекистоннинг Хитой ва Жанубий Корея билан савдо айланмаси сўнгги 8 ойда салкам 6,5 миллиард долларга етгани ҳамда Ўзбекистонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратилиши хабар қилинганди.