Ўзбекистонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 1,5 трлн сўм маблағ ажратилади

Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори 16 октябрь, жума куни қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йилда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун 17,1 триллион сўм ва Президент топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағлар ажратилади. Шунингдек, туман марказлари ва шаҳарларнинг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштиришга 1,4 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга уларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан маблағлар ажратилиши муносабати билан уларга йўналтириладиган марказлашган инвестиция ҳажмлари мос равишда қисқартирилади.

Хабарга кўра, 2022 йилдан бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритилади.

Бундан ташқари, 2021 йилда тажриба тариқасида 10 та объектга инжиниринг хизматларини кўрсатиш учун тадбиркорлар жалб этилади. Шу билан бирга, халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар ҳамкорлигида «Давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA — Public Investment Management Assessment)» тизими синов тариқасида айрим тармоқларда қўлланилади, кейинчалик босқичма-босқич жорий қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ва Ўзбекистонда экин майдонларини лазер ёрдамида текислаш ишларига 250 миллиард сўм кредит ажратилиши ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда 2021—2023 йилларда чорвачилик тармоғига субсидия ажратилиши ҳамда Ўзбекистонда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тузилиши маълум қилинган.