Коронавируснинг оғир формасини бошдан кечирган Фатҳулла Маъсудов вафот этди

Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Фото: Ўзбекистон Маданият вазирлиги

«Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги жамоаси Фатҳулла Маъсудовнинг оила-аъзолари ва барча яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, Фатҳулла Масъудов 1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2015 йилдан буён Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимида ишлаб келган. 1999 йилда эса «Шуҳрат» медалини қўлга киритиб, 2003 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан мукофотланган. 2014 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга чалинган Фатҳулла Маъсудовнинг аҳволи оғирлиги маълум қилинганди. Шундан сўнг Муқаддас Саъдуллаева Фатҳулла Маъсудовнинг ўлими ҳақидаги тарқалган хабарларни рад этди.

Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромованинг коронавирусдан вафот этгани маълум қилинганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова, хонанда Каниза ва «Беном» гуруҳи вакили Комил коронавирусга чалингани хабар қилинган.

Янгиликлар