Хориждан Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчираётган талабалар карантин чекловлари сабаб имтиҳонни ўтказиб юборса, улар учун қайта имтиҳон ташкил этилади
Ўзбекистон олий таълим муассасаларига хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчириш учун талаба белгиланган имтиҳонда қатнаша олмаса, қайта имтиҳон топшириши мумкинлиги белгиланди.
Маълум қилинишича, пандемия ҳолатлари, карантин чекловлари сабабли белгиланган муддатларда махсус синовларда иштирок этиш учун хорижий давлатлардан етиб кела олмаслиги тўғрисида талабалар ва уларнинг ота-оналаридан кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
Шуни инобатга олган ҳолда белгиланган муддатларда ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтган, аммо хорижий давлатлардан етиб кела олмаганлиги сабабли 5—6 сентябрь кунлари ўтказиладиган махсус синовларда иштирок эта олмаган фуқаролар учун октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида махсус синовлари ўтказилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қандай ҳолатда хорижда ўқиётган талаба Ўзбекистон ОТМсига ўқишни кўчиролмаслиги ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик хориждан Ўзбекистонга ўқишини кўчираётган талабалар учун имтиҳон санаси маълум қилинди.