Попда Давлат хизматлари марказининг янги филиали очилди
Наманган вилояти Поп туманидаги «Чодак» кишлоғида Давлат хизматлари марказининг янги филиали очилди. Бу ҳақда Поп тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Чодак» кишлоғида 11 та МФЙда 31 800 нафар фуқаро яшайди. Бу ҳудуд туман марказидан 50 километр узоқликда жойлашган. Аҳоли учун туман марказига боришда қийинчиликлар бўлганлиги туфайли ушбу филиал ўз фаолиятини бошлаган.
«Чодак» кишлоғида Давлат хизматлари маркази филиали очилгани фукароларга 140 дан ортиқ хизматлардан ўз ҳудудида фойдаланиш имконини беради.
Қайд этилишича, маросимда Наманган вилоят ДХА ўринбосари, Поп тумани ҳокимининг ўринбосари, туман давлат хизматлари маркази бошлиғи ва маҳалла фахрийлари иштирок этди.
Элатиб ўтамиз, аввалроқ Когон ва Жондордаги қишлоқ ҳамда маҳаллаларда Давлат хизматлари маркази филиаллари, Пастдарғомдаги мактаб биносида ДХМнинг филиали иш бошлагани хабар қилинганди.