Прокуратура Андижонда шифокорни калтаклаган ИИБ ходими ишини ўрганишни бошлади

Андижон вилояти ИИБ тизим ходими шифокорни калтаклагани акс этган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирди.

Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, шифокорни калтаклаган шахс ИИБ ходими эмаслигини аниқлаган.

Маълум бўлишича, 29 август куни соат 13:30 ларда туман ИИБ профилактика инспекторига Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-қишлоқ оилавий поликлиникасида жанжал бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Ушбу ҳолат юзасидан профилактика инспектори томонидан ўрганишлар олиб борилганида, Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-қишлоқ оилавий поликлиникасида умумий амалиёт шифокори бўлиб ишловчи фуқаро О.Ю. ўзининг тушунтириш хати ёзгани маълум бўлган. Тушунтириш хатида шифокор ўз иш фаолиятини олиб бораётган вақтида Андижон тумани «Кенгаш» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.Ғ. жияни М.А.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги учун уни кўрикка олиб келганини билдирган. Шунингдек, у билан ўзаро келишмовчилик сабабли бир-бирлари билан тортишиб кетганлигини, тан жароҳати олмаганлигини, ҳеч кимга нисбатан даъвоси йўклигини, у ички ишлар органи ходими билан жанжаллашмаганлигини ҳам баён қилган.

Ўз ўрнида, фуқаро М.Ғ. ҳам ўз тушунтириш хатида шифокорга нисбатан эътирози йўклигини, тан жарохати олмаганлигини баён қилган. Андижон вилояти ИИБ шундан сўнг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва «Zamon» информацион дастури орқали намойиш қилинган ведеолавҳаларда ички ишлар ходими деб айтиб ўтилган фуқаро аслида ички ишлар ходими эмаслиги айтилмоқда. У Андижон тумани «Кенгаш» МФЙда истиқомат қилувчи  фуқаро М.Ғ. эканлиги, унинг укаси Ш.М. Андижон тумани ИИБ ходими эканлиги маълум бўлган.

Ҳозирда видеолавҳадаги шифокор билан жанжаллашган фуқаронинг ички ишлар органлари ходими бўлган ёки бўлмаганлиги бўйича хизмат текшируви тайинланиб, ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан назорат тартибида ўрганишлар олиб борилмоқда.

«Агар ички ишлар ходими ушбу ҳолатни келтириб чиқарган бўлса, унга нисбатан интизомий жазо чораси кўлланилишини маълум қиламиз», — дейилади муносабатда.

Аввалроқ Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олингани, Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот бергани хабар қилинган эди.

Янгиликлар