Қамчиқ довонининг тоғли ҳудудига дам олишга чиққан фуқаро қияликдан тушиб кетди (фото)
Қамчиқ довонининг тоғли ҳудудига дам олишга чиққан фуқаро қияликдан тушиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 август куни соат 11:43 атрофида «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасига келиб тушган маълумотга кўра, Қамчиқ довонида жойлашган «Қўшминор» МФЙнинг аҳоли яшаш жойидан узоқда, яъни тоғли ҳудуднинг юқори қисмига икки фуқаро дам олишга чиққан. Уларнинг бири эҳтиётсизлик оқибатида қияликдан тушиб кетган.
Дастлаб дам олишга чиққан фуқаролардан бири тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилган. Тиббиёт ходимлари воқеа жойига етиб келгач, баландликдаги жабрланган фуқарони қуйига тушириб олишда қўшимча ёрдам кераклиги боис ҳолат юзасидан «Қамчиқ» қутқарув отряди ходимларига хабар берган.
Шунга кўра, бошқарманинг қутқарув гуруҳи етиб келган ва тез тиббий ёрдам ходимлари билан бирга жабрланувчини пастга олиб тушган. Қайд этилишича, жабрланган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Поп тумани марказий шифохонасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчиқ довонида «Cobalt» ариққа ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қамчиқда юк машинаси ва юк поезди иштирокида ЙТҲ содир бўлгани маълум қилинганди.