Қўқонда устахонадан техника воситалари ва 150 минг сўм ўғирлаган жиноий шериклар ушланди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида устахонага ўғриликка тушиб, бир қанча техника воситалари ҳамда 150 минг сўм ўғирлаган жиноий шериклар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, бу ҳақда 6 октябрь куни фуқаро Ю.Б. Ички ишлар бошқармасига қилган мурожаатида маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан воқеа 4 октябрь куни Истиқлол ўчасида жойлашган устахонада содир бўлган. Қайд этилишича, шу куни номаълум шахс мазкур устахона қулфини калит танлаш йўли билан очиб, ғайриқонуний равишда ичкарига кирган.
Маълум қилинишича, устахонадан нархи 380 доллар бўлган ноутбук, 300 минг сўмлик «Samsung J-110» русумли, 400 минг сўмлик «Iphone» русумли, 250 минг сўмлик «Samsung G-350» русумли телефонлар, 200 минг сўмлик турли хилдаги хотира чиплари ҳамда 150 минг сўм яширин равишда ўғирлаб кетилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Таъкидланишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни A.Ғ. ва A.Х.лар содир этганлиги аниқланиб, уларга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Улуғнорда хонадондан қарийб 13,5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаганлар қўлга олингани, Қўштепада ўзи ишлаган уйдан салкам 4 миллион сўмлик қурилиш анжомларини ўғирлаб кетган уста ушлангани хабар қилинган эди.