Қоракўлда 13 кишининг молини олиб, уларни салкам 490 миллион сўмга «ухлатган» савдогар қўлга олинди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида қорамол савдогари 13 кишининг молларини олиб, пулини бермагани аниқланди. Бу ҳақда «Postda»нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, август ойи давомида Қоракўл туман ИИБга туман ҳудудида яшовчи бир нечта фуқаролардан «Дарғабоғи» маҳалласида яшовчи 26 ёшли мол жаллоб (олиб-сотар) М.С.нинг қорамол олиб, ҳозирга қадар пулларни бермай келаётгани ҳақида аризалар туша бошлаган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан терговга қадар тезкор текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов давомида М.С. «Полвонлар», «Мирзақалъа», «Камолот», «Қораун», «Дарғабоғи» маҳаллаларида яшовчи 13 нафар фуқаронинг қорамолларини олиб, сотиб беришини ва пулини тез орада беришини айтиб, алдаб кетгани маълум бўлган. Жаллоб бу ҳаракати билан жабрланувчиларга жами 489 миллион 250 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган.
Якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи М.С. тергов органи томонидан ушланди. Унга такроран содир қилган бир неча оғир ва ўта оғир жиноятлари учун Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари (Кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонида фирибгарлик) 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан айб эълон қилинди. Айни пайтда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Аввалроқ Тошлоқда салкам 40 миллион сўмлик қорамолларни олиб, пулини тўламаган шахс, Олтиариқда танишидан 41 миллион сўмлик узум сотиб олиб, пулини бермаган фуқаро қўлга олингани хабар қилинган эди.