Қўрғонтепада 12 млн сўмлик 2 бош қорамол ўғирлаган маҳалладошлар қўлга олинди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 12 миллион сўмлик 2 бош қорамол ўғирлаган маҳалладошлар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 26 сентябрь кунидан 27 сентябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахслар Қўрғонтепа тумани «Тадбиркор» МФЙ да яшовчи фуқаро Ж.Ш.нинг яшаш уйи ҳовлисига кириш эшигининг очиқ қолганлигидан фойдаланиб, ғайриқонуний равишда кирган. Сўнгра молхонасидан умумий қиймати 12 миллион сўмлик, жами 2 бош новвосларни ўғирлаган ва ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўрғонтепа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда дастлабки терговга киришилган.

Қайд этилишича,туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари натижасида, ўғирлик содир этган шахслар ушланган. Қўлга олинган фуқаролар новвослар эгасининг маҳалладошлари Ж.Ш. ва Б.К. эканлиги аниқланган.

Таъкидланишича, Ж.Ш. ва Б.К. айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бундан аввал Чустда 59 миллион сўмлик 2 та қорамолни алдов йўли билан олиб кетган эркакка чора кўрилгани ва Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳамда Янгиқўрғонда от нархини келишолмаган эркак қўшнисининг қовурғасини синдиргани маълум қилинди.

Янгиликлар