Қувада 18 ёшли фуқарони уриб, унинг 2 млн сўмлик икки қоп бодоми ва телефонини талон-торож қилган 6 киши ушланди
Фарғона вилояти Қува туманида 18 ёшли фуқарони уриб, унинг 2 миллион сўмлик икки қоп бодоми ва телефонини талон-торож қилган 6 киши қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Қува тумани Ўзбекистон кўчасига 2020 йилнинг 27 август куни соат 03:40 да «Matiz» русумли автомашинада келган номаълум шахслар 18 ёшли Х.Т.нинг жағ соҳасига қўлининг мушти билан бир маротаба уриб, Х.Т.га тегишли жами нархи 2 миллион сўм бўлган 2 қоп бодом маҳсулотлари ва «Samsung Galaxy A20» русумли телефонини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а» банди (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни 24 ёшли И.М., Ф.Ғ., Д.М., 25 ёшли Н.У., 26 ёшли М.К., 22 ёшли Т.Қ. содир этганлиги аниқланган. «Matiz» русумли автомашинани И.М. бошқарганлиги аниқланиб, Х.Т.га тегишли «Samsung Galaxy А20» русумли уяли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, И.М. ва унинг шериклари Фарғона вилоятининг бошқа туманларида шу каби жиноятлар содир этганликлари аниқланган ва уларнинг барчаси ушланган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Қува тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан И.М. шу туманда жиноят содир этиб ушланганлиги сабабли айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аввалроқ Наманганда жами 3,5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаган 4 нафар аёл қўлга олингани, Самарқандда 1 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқлангани хабар қилинган эди.