Қувасойда хонадондан велосипед ўғирлаб кетган шахс ушланди
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаронинг уйидан нархи 2 200 000 сўмлик велосипед яширин равишда ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Қувасой шаҳри Камолот кўчасида яшовчи фуқаро П.С.нинг уйига 25 июлга ўтар кечаси номаълум шахс ғайриқонуний равишда кирган. Ҳовлидаги 2 200 000 сўмлик велосипедини яширин равишда ўғирлаб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ю.Ш. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот учун, ушбу жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Самарқандда юк машинасидаги 5340 доллар ва 3 600 000 сўм пулларни ўғирлаган 25 ёшли қиз, Тошкентда 16 ёшли боланинг 6,5 миллион сўмлик буюмларни талон-торож қилган ҳайдовчи ва Қўқонда талончилик қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Aндижонда фуқарони уриб, машинасидан 500 доллар ва 60 минг сўм пул олганликда гумон қилиниб, 4 киши ҳамда Фарғонада 700 минг сўмлик телефон ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олингани маълум қилинганди.