Расул Кушербаев борига қаноат қилмайдиган нафси бузуқларга лавозим бермаслик кераклигини айтди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев коррупцияга қарши курашга алоҳида масъул агентлик ташкил этилгани, коррупциянинг урчишига пора берувчи айбдорми ё пора олувчи ҳамда уни енгиш учун нималар қилиш кераклиги борасида «Tez News»га берган интервьюсида муносабат билдирди.

https://youtu.be/vbD0SLG6v3k?t=1634

«Коррупцияни таг-томири билан қўпориб ташлаш — фантазия. Лекин уни камайтириш мумкин. У минг марта идеалман, деган давлатларда ҳам бор. Менимча, коррупция одам вафот этгандан кейин бўлмаса керак. Уни минимал даражада камайтириш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлигига умид боғласа бўлади. Фақат бундан қандай фойдалана оламиз ва ҳақиқатдан шу масалаларни ҳал қилишга бошқалар йўл қўядими ёки ‘ўз чегарангдан чиқиб кетдинг’, деб тўсқинлик қиладими? Савол шунда. Лекин ишонаманки, давлат раҳбарининг ўзи буни ташаббускор сифатида ташкил этган ва қолганлар ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайди, коррупцияни енгишга шароит яратиб беради. Aгар яширин йўллар билан босим қиладиган бўлинса, яна натижа бўлмайди», — дея фикр билдиради депутат.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, коррупциянинг пайдо бўлишида икки томонни ҳам айблаб бўлмайди. Баъзи пайтларда мавжуд шароит, шароитни келтириб чиқарган тизим, тизимдаги одамлар шунга мажбур қилиб қўяди.

«Ўзимнинг мисолимда бир нарсани айтаман. Қилган ишим нотўғри. Бироқ мен уни коррупция сифатида эмас, фарзандим дунёга келганлиги учун хурсандлигимдан суюнчи деб, кўп пул тарқатиб юборганман. Лекин бу ҳам коррупция аслида», — дейди депутат ўз нутқида.

Шунингдек, Расул Кушербаев сўзлари давомида жамиятнинг бу иллатдан тозаланиши вақт талаб қилишини, унинг омиллари жуда ҳам кўплиги, бироқ минималлаштириш имкони мавжудлигини таъкидлаган. Бу борада амалий ишлар сифатида қонунчилик базасини мустаҳкамлаганлиги, хусусан, пора берувчи ҳам, олувчи ҳам жавобгарликка тортилишини айтиб ўтган.

«Бундан ташқари, фуқаро ва мансабдор ўртасидаги коррупция ҳолатларида мансабдорни бу ишга нима мажбур қиляпти? Етишмовчиликми? Ижтимоий ҳимоя масаласими? Улар ҳам секин-секин бартараф бўляпти, кўряпмиз. Тўғрисини айтганда, илгари ҳокимликларнинг шароити кулгили ҳолатда эди. Биргина ҳокимни машинаси бўлса, қолган ўринбосарларда деярли бўлмасди. Навбатчи машина бўлиб, кимга тегса-тегди бўларди. Қолганлар эса у-бу жойга мажлисга бораман деса, қайсидир ташкилотга илтимос қилишга тўғри келарди ва уни олдида тилини қисиқ қилиб қўярди. Бу ҳам ўз-ўзидан коррупцияга ўхшаш ҳолат эмасми? Лекин бу муаммо ҳозир ечилган.

Ўйлашимча, бу каби ҳолатлар нисбатан камайган. Бироқ шунда ҳам бунга қаноат қилмайдиган нафси бузуқлар бўладики, афсус, энди улар — жамиятнинг касаллари. У касални эса даволаб бўлмаса керак. Бундай касаллардан шунчаки кечиб, уларга лавозим бермаслик керак. Умид қиламизки, ана шу масалаларда янги ташкил этилган агентлик максимал даражада шуғулланади», — дейди депутат Расул Кушербаев интервью якунида.

Аввалроқ, Расул Кушербаев ёлғон ахборотнинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашилса, натижа бўлишини таъкидлаганди.

Бундан ташқари, депутат интервью давомида масъул раҳбарлар халқнинг мурожаатларини «копток» қилиши керак эмаслиги, энг катта муаммо рост ва ёлғон ахборотни ажратиб олишдалиги ҳамда нега аҳоли орасида Президент порталига мурожаат қилиш ҳолати авж олганлиги ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган.

Янгиликлар