Расул Кушербаев: «Энг катта муаммо рост ва ёлғон ахборотни ажратиб олишда»
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Tez News»га берган интервьюсида оммавий ахборот воситаларининг муаммоси рост ва ёлғон ахборотни ажратиб ололмаслигида эканлигини таъкидлаб ўтди.
Расул Кушербаев ОAВ ва журналистлар қандай ахборотни тарқатиш ва тарқатмаслик кераклиги бўйича мажбуриятларга амал қилиши зарурлигини таъкидилаган.
«‘New York Times’да шундай принцип бор: то 2 та манбадан тасдиқлатиб олмагунча, ахборотни тарқатмайди. Яъни ўз обрўсини, одамлар орасидаги ҳурматини йўқотмаслик учун шундай қилади. ОAВларда ҳам, журналистларда ҳам ахборотни қандай тарқатиш кераклиги ва қандай ахборот тарқатмаслик кераклиги бўйича мажбуриятлар бор. Шунчаки унга амал қилиш керак. Қонунчиликда бу масалалар бор. Техник имкониятлар бўйича ниманидур ўзгартириш керак бўлса, қонунни ўзгартириш мумкин. Бу қийин эмас. Лекин бугунги масала техник имконият билан боғлиқ эмас», — деди депутат.
Кушербаевнинг фикрича, ахборотнинг мазмуни унинг ҳақиқийлиги билан боғлиқ.
«Aхборотнинг мазмуни унинг ҳақиқатлиги билан боғлиқ. Шунинг учун фуқарода масъулият камроқ бўлса, журналистларда кўпроқ. Фақат иккисида ҳам умумий мажбурият бор. Сен бераётган ахборотинг ҳақиқатга тўғри келадими, йўқми, ҳақиқатдан тўғрими ёки йўқми, яъни миш-миш эмас, кимнингдир буюртмаси эмасми? деган савол бор. Ушбу мажбурият ҳаммада бор. Шуни унутмаслик керак. Aслида энг катта муаммо ҳам шу ерда. Рост билан ёлғонни ажратиб олса бўлди», — дея таъкидлади депутат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Расул Кушербаев мурожаатлар масаласида, биринчи ўринда, масъул раҳбарлар билан ишлаш кераклигини айтиб ўтган эди. Шунингдек, Кушербаев нега аҳоли орасида Президент порталига мурожаат қилиш ҳолати авж олганини маълум қилди.