Россияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцинанинг экспорт нархи маълум қилинди

Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси экспорт қилинганда икки дозаси камида 10 доллардан сотилади. Бу ҳақда «P-Фарм» компанияси директорлар кенгаши раҳбари Алексей Репик «Россия 24» телеканалидаги эфирда маълум қилган, деб ёзади «ТАСС».

«P-Фарм» компанияси директорлар кенгаши раҳбари Алексей Репик
Фото: «ТАСС»

«Агар экспорт бозори ҳақида гапирадиган бўлсак, вакцинанинг икки дозаси, бизнинг баҳолашимиз бўйича, 10 доллардан кам бўлмайди. Дастлабки дозалари катта эҳтимол билан анча қимматроқ бўлади», — дейди у.

Репикнинг таъкидлашича, вакцинани катта ҳажмда ишлаб чиқариш бошланганда нарх арзонлашади.

Маълумот учун, Россия президенти Владимир Путин Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган биринчи вакцина рўйхатдан ўтказилганини маълум қилганди. У вакцина самарали эканлиги, шунингдек, қизларидан бири ушбу вакцина билан эмланганини айтган, бироқ айнан қайси қизи эканлигига тўхталиб ўтмаган.

Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни Россиянинг COVID-19’га қарши илк вакцинаси тайёр бўлган эди.

Аввалроқ Россияда коронавирусга қарши дори рўйхатга олингани хабар қилинган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев бир ҳафта ичида коронавирус вакцинасини харид қилиш йўлларини ўрганиб чиқиш ҳақда топшириқ берган эди. 

Янгиликлар