Россиядан ватанга қайтарилаётган Ўзбекистон фуқароси поезд станциясида вафот этди
Россиядан 19 сентябрь куни махсус поездда олиб келинаётган Ўзбекистон фуқароларидан бири «Лихая» станциясида вафот этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Р.Ж. «Лихая» станцияси олд томонидаги майдонда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва у тез тиббий ёрдам етиб келгунича вафот этган.
Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, Р.Ж. палаткали лагерда яшамаган. Санкт-Петербург шаҳридан етиб келгач, соғлиги ёмонлашгани сабабли 14 сентябрь куни Шахти шаҳри Марказий шаҳар шифохонасига ётқизилган ва шу ердан «Лихая» станциясига олиб борилган.
Маълум қилинишича, фуқаронинг коронавирус билан касалланганлиги тасдиқланмаган. Ташкилий ва консуллик-ҳуқуқий масалалар ҳал қилинганидан кейин марҳумнинг жасади чартер рейс орқали Ватанга юборилган.
Аввалроқ Россиядан 27 август куни 927 нафар, Самарадан 2 сентябрь куни 922 нафар, 8 сентябрь куни 952 нафар ўзбекистонлик махсус поездларда ватанга қайтарилгани хабар қилинган эди.