Самарқандда COVID-19 билан оғриган беморлар учун қисқа рақамли Call-марказ ташкил қилинди
Самаранд шаҳрида коронавирус инфекцияси билан оғриган беморларни тез ва самарали даволаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, шаҳарда COVID-19 билан оғриган беморлар учун 1105 қисқа рақамли Call-марказ ташкил қилинди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, коронавирус инфекцияси билан оғриган бемор аҳоли орасида аниқланганда унинг стационар ёки уй шароитида даволаниши учун тўғри тавсия берилишини йўлга қўйиш мақсадида вилоят бўйича жами 72 та мобиль гуруҳи шакллантирилган ва туну кун фаолият олиб боришлари учун тез тиббий ёрдам машиналари бириктирилган.
Шунингдек, тез тиббий ёрдамга бўлаётган қўнғироқлар сони ошиб кетганлиги сабабли телефон аппаратлари ва диспетчерлар сони 8 тадан 24 тага кўпайтирилди. Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт институти қошида 1105 қисқа рақамли Call-маркази ташкил қилиниб, аҳолига онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Тез тиббий ёрдам хизматига аҳолидан тушаётган чақирувлар юкламаларини камайтириш мақсадида вилоятдаги мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникаларига жами 875 та, шундан 75 та стационар ва 800 та мобил телефонлар олиб берилди.
Вилоятдаги мавжуд барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида, яъни оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникалари 24 соатлик иш режимига ўтказилди, эндиликда фуқаролар 24 соат мобайнида бирламчи тиббий санитария муассасаларига мурожаат қилишлари йўлга қўйилди. Самаарқанд шаҳрида иккита — 2- ва 4-оилавий поликлиникалар негизида туманларда, барча туман марказий поликлиникалари қошида COVID 19 поликлиникалари ташкил қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус касаллари сони камайганига қарамай, нега ҳали ҳам чет элдан шифокорлар таклиф этилаётгани сабаби айтилгани ҳамда Каттақўрғонда коронавирусни ПЗР усулида текшириш учун вирусология лабораторияси ишга туширилгани ҳақда хабар қилинганди.