Самарқандда истеъмолчиларнинг газ учун тўлаган пулларини талон-торож қилган хусусий корхона аниқланди

Самарқанд вилоятининг «Pastdarg‘omtumangaz» бўлими ҳисоб рақамига келиб тушган пул маблағларини шу туманда жойлашган хусусий корхона талон–торож қилганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, «Pastdarg‘omtumangaz» бўлими ҳисоб рақамига Billing дастури орқали келиб тушган пул маблағлари таҳлил қилинганда, бўлим биносида жойлашган «Sifat Ekspress» хусусий корхонаси пайнет шохобчаси орқали истеъмолчиларнинг газ учун тўлаган нақд пуллари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Унга кўра, 2020 йил июль ойида 1031 тартиби бўйича 21 616,8 минг сўм, август ойида 59 349 минг сўм истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб рақамига киритилган. Бироқ маблағлар «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти ҳисоб рақамига келиб тушмаган.

«Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали ушбу масалани кўриб чиқиш учун ўрганилган материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширган. «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун жойларда ўрганишлар олиб бормоқда.

Aввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар