Самарқандда кириш имтиҳонларининг дастлабки 8 кунида 200 га яқин қоидабузарлик аниқланди

Самарқанд вилоятида кириш имтиҳонларининг даслабки 8 кунида 185 та қоидабузарлик аниқанди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари қоидаларини бузмаслик бўйича олиб борилаётган тарғибот тадбирларига қарамай, ИИБ ходимлари томонидан Тест маркази ходимлари билан ҳамкорликда 9 сентябрь, чоршанба куни вилоят ҳудудида ўтказилаётган имтиҳон объектларида белгиланган қоидаларни бузиш билан боғлиқ 28 та ҳолат аниқланган.

Мазкур ҳолатлардан 8 тасида рўйхатдаги абитуриент ўрнига бошқа шахсларнинг имтиҳонга киришга бўлган уринишлари, 18 та ҳолатда уяли алоқа аппаратларини ҳамда 2 та ҳолатда «шпаргалка»ларни олиб кириш билан боғлиқ қоидабузарликлар қайд этилган. Ушбу ҳолатлар тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, кириш имтиҳонларининг дастлабки 8 кунида 123 та телефон, 40 та техника мосламалари, 9 та «шпаргалка», 1 та қўлбола алоқа воситаси, 12 та ўрнига ўрин киришга уриниш ҳолатлари аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ички кийимларга ўрнатилган яширин алоқа воситаларини абитуриентларга сотаётган шахс аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Бухорода ички кийимига телефон яширган абитуриент қиз қўлга тушгани маълум қилинди.

Янгиликлар