Самарқандда узунлиги 110 метр бўлган илк монолит йўл ўтказгичининг қурилиш ишлари бошланди

Самарқанд шаҳрида транспорт инфраструктурасини янада яхшилаш ҳамда янги қурилаётган «Samarkand city» ҳудудига келадиган сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида узунлиги 110 метр бўлган илк монолит йўл ўтказгичи қурилиш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳридан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1083-километрида барпо этилаётган янги йўл ўтказгич «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонаси ҳамда Россияининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланган лойиҳа асосида барпо қилинмоқда.

Лойиҳага кўра, йўл ўтказгичнинг баландлиги 5,5, узунлиги 110, кенглиги эса 28,9 метрни ташкил этиб, иншоотдан икки томонга йўналиш бўйлаб иккита съезд мавжуд. Ушбу йўл ўтказгич фойдаланишга топширилгач бир соатда қарийб 600 га яқин, бир суткада эса 14 мингта автомобилни ўтказиш имконияти яратилади. Aмалга оширилаётган лойиҳанинг оралиқ қурилмаси кесимсиз уч оралиқли балка бўлиб, қурилиш баландлиги бўйича ўзгарувчан бўлади. Икки четидаги оралиқ қурилманинг узунлиги 33 метр, ўртадаги оралиқ қурилманинг узунлиги эса 42 метрдан иборат бўлади. Мазкур йўл ўтказгичга жами 6000 метр куб бетон ётқизиш ишлари мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 3000 метр куб бетон ётқизилган.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати

Таъкидланишича, деформацион чоклар резина-металли қоплама туридан иборат бўлиб, ўтказгичнинг эни ва узунлиги бўйлаб ҳаракатланишига имконият беради ва автомобилларнинг текис ва равон ҳаракатланишига замин яратади. Мутахассисларнинг айтишича, бундай деформацион чоклар биринчи маротаба ишлатилмоқда. Монолит оралиқ қурилма ҳам яхлит ҳавозаларда 2 босқичда қурилади. Дастлаб бир йўналишда учта ҳаракат йўли, иккинчи йўналишда ҳудди шунча ҳаракат йўли қурилади. Қайд этилишича, ушбу йўл ўтказгич қурилишини «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонасининг 200 нафар мутахассиси замонавий техника ва ускуналардан фойдаланган ҳолда сифатли қилиб амалга оширмоқда.

Аввалроқ Пахтаобод туманидаги 4 та маҳаллага 4,5 км асфальт ётқизилганди. Шунингдек, Сўхда йўл қурилиши ишларига 104 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар