Сенат самарқандлик аёлнинг аёвсиз калтакланиши билан боғлиқ ҳолат назоратга олинганини маълум қилди

Олий Мажлис Сенати самарқандлик Мустаҳкам исмли аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтакланиб келиши билан боғлиқ ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

Кадр: You Tube

Маълумотларга кўра, Мустаҳкамнинг турмуш ўртоғи Шероз 20 август куни уйида сабабсиз, турли баҳоналар билан уни аёвсиз уриб, тан жароҳати етказгани акс эттирилган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан Мустаҳкамга ҳимоя ордери берилган. Махсус марказга фарзандлари билан бирга жойлаштирилган. Марказга малакали психологлар жалб қилиниб, унга ёрдам берилмоқда. Аёл тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Зарур дори воситалари олиб берилиб, соғлиғини тиклаши учун ёрдам кўрсатилмоқда. Жабрланувчи мазкур махсус марказда 2 нафар фарзанди билан яшаб келмоқда.

Бундан ташқари, Мустаҳкам ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирда унинг турмуш ўртоғи Шерозга нисбатан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган.

Маълумот учун, Мустаҳкамнинг калтакланиш ҳолатлари оиланинг уйидаги камерада ёзилган. Мустаҳкам видеоёзувларни кўчириб олгач, видео тарқалиб кетган. Тасвирлар интернетда тарқалгач, унинг турмуш ўртоғи қочиб кетган. 23 август куни кечқурун ИИБ ходимлари маълумот асосида Тошкентга келиб, Мустаҳкамнинг эрини қўлга олган ва 24 август куни у Самарқандга олиб кетилган.

Шунингдек, Мустаҳкам турмуш ўртоғининг севган аёли борлигини, 8 йиллик турмуши давомида эри уни етим эканидан фойдаланиб, мутассил калтаклангани, ишлатилган памперсни мажбурлаб едирганини айтган.

Бундан ташқари, Мустаҳкам блогерга ҳокимлик уни эри билан яраштирмоқчи эканини, ўзи буни истамаслигини айтиб, ёрдам сўраб SMS ёзган.

Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттаханова ҳам Мустаҳкам билан учрашиб, қўли гипсда бўлган Мустаҳкамни агентлик кўмаги билан тиббий кўрикдан ўтказилганини, аммо у ҳозирда стрессда эканини ўзининг Faceboook’даги саҳифасида маълум қилган. У Мустаҳкамнинг эрига қатъий қонуний чора кўрилса, бундай ҳолатлар сони камайишини ҳам таъкидлаган.

Аввалроқ Андижонда хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтакланиши юзасидан расмий маълумот берилгани, сўнг видео иштирокчилари воқеа қандай юз берганига аниқлик киритгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар