Сергелида фуқарога салкам 87 млн сўм моддий зарар пуллари ундириб берилди
Тошкент шаҳрида МИБ Сергели туман бўлими томонидан фуқаро фойдасига жами 86 миллион 982 минг 623 сўм ундириб берилди. Бу ҳақда МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 3 июлдаги қарорига асосан қарздор «Кўприкқурилишбутлаш» унитар корхонасидан ундирувчи A.A. фойдасига жами 86 миллион 982 минг 623 сўм миқдорида моддий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд бўлган.
Маълум қилинишича, мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 15 июлда келиб тушган ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритишни қўзғатиш қарори қабул қилинган.
Шунингдек, ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш ҳамда қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида тегишли ташкилот ва муассасаларга сўровномалар юборилган бўлиб, ижро ҳужжати ижросини амалда таъминлаш мақсадида қарздорнинг ҳисоб рақамларига банд солинган.
Қайд этилишича, МИБ давлат ижрочиси олиб борган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 86 миллион 982 минг 623 сўм миқдоридаги моддий зарар пуллари 18 сентябрь куни A.A. фойдасига қарздор корхонадан тўлиқ ундириб берилган.
Аввалроқ Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинди.