Сергелида салкам мингта оиланинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган қозонхона аниқланди

Тошкент шаҳри Сергели туманида 5 декабрь куни «Тошиссиққувати» ДУКга қарашли «Саноат Энергия» қозонхонаси 571 минг метр куб табиий газдан ноқонуний равишда фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Теz News»га хабар қилди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, мазкур қозонхона орқали Сергели туманининг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси (иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти) билан таъминланади. «Саноат Энергия» қозонхонаси ижтимоий аҳамиятга эга бўлган стратегик объект бўлганлигини инобатга олиб, ушбу объектни бир маромда ишлашини таъминлаш мақсадида (бошқа ташкилотларни табиий газдан узган ҳолда) узлуксиз равишда табиий газ етказиб берилмоқда.

Шунга қарамасдан, корхона раҳбари томонидан қозонхонага кириш газ қувурига қозонхонанинг газ ҳисобдонидан олдин ўзбошимчалик билан уланиб, қозонхона ҳудудидаги бинода табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган ҳолда, оҳак ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилганлиги аниқланган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Кўрик вақтида бинода жами 12 та (15 миллиметрлик учи букилган труба) ностандарт газ ёндиргичлари билан жиҳозланган, ўлчамлари 3х5 метр бўлган 2 та хумдонларда оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 571,3 миллион сўм (571,3 минг куб метр табиий газ) зарар етказилганлиги аниқланган. Шу сабабли бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур 571 минг метр куб табиий газ ўртача 950 та ҳовли уйларнинг бир ойлик эҳтиёжини қондириш имконини беради.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Aввалроқ Қашқадарёда мактаб қозонхонасини 6 минг доллaрга сотмоқчи бўлган директор ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар