Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги IT-парк қурилишини кўздан кечирди (фото)

Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мажмуада шоу-румида қурилиши бошланган бинолар, уларда бўладиган шароитлар ҳақида маълумот берилган. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг ўқувчилари иштирокида яратилган дастурий маҳсулотлар намойиш этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманидаги IT-марказда сабоқ олаётган болалар билан видеоконференцалоқа орқали мулоқот қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, мазкур мажмуа қурилиши 2019 йили 20 ноябрда бошланган. Бу ерда босқичма-босқич 17 та иморат, жумладан, 20-25 қаватли офис бинолари, 22 қаватли меҳмонхона, университет, конференция зали, коворкинг маркази ва бошқа объектлар барпо этилади. Иншоотлар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади. Мажмуа ҳудудида кафе ва ресторанлар, дўконлар, масжид, спорт майдонлари, дам олиш жойлари ҳам бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу IT-паркнинг дастлабки 2 та биноси фойдаланишга топширилган. Уларда энг замонавий қулайликлар яратилиб, истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. IT-парк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йил 1 январга қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев хорижий давлатларнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университетида бўлиб, олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Янгиликлар