Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни туғилган куни билан табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.

Мулоқот давомида Ўзбекистон—Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилган. Шунингдек, 2020 йилнинг июль ойида Москва шаҳридаги учрашув чоғида эришилган келишувларга мувофиқ бўлажак олий даражадаги мулоқотларга тайёргарлик кўриш бўйича биргаликдаги фаол ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

«Пандемия оқибатларига қарамай, ўзаро ташрифлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи компания ва корхоналари ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик кўлами ва товар айирбошлаш ҳажми кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Таълим ва маданий алмашинувга доир муҳим дастурлар амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Ўзбекистон Президенти коронавирусга қарши курашишда кўрсатилган амалий ёрдам, жумладан, Россиядан врач ва мутахассисларнинг катта гуруҳи юртимизга жўнатилгани учун самимий миннатдорлик билдирган

Давлат раҳбарлари икки мамлакат вазирлик ва идоралари даражасида, шу жумладан, октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси доирасида яқиндан мувофиқлашув ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган. Бунда, аввало, кўп қиррали муносабатларнинг устувор дастур ва лойиҳаларини, бизнес ва ҳудудлар кооперациясини кучайтириш бўйича узоқ муддатли «Йўл харитаси» тайёрлашни жадаллаштириш назарда тутилган.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, минтақада юзага келаётган вазиятни муҳокама қилган, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиққан.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазирини туғилган куни муносабати билан табриклаганди.

Янгиликлар