Шуҳрат Абдураҳмонов Олтинкўлдаги умумий қиймати салкам 80 млрд сўм бўлган лойиҳани кўздан кечирди (фото)
Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Олтинкўлдаги умумий қиймати салкам 80 миллиард сўм бўлган лойиҳани кўздан кечирди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шуҳрат Абдураҳмонов Олтинкўл туманида қурилиш ишлари давом этаётган янги корхонага ташриф буюрган.
Қайд этилишича, собиқ Андижон чарм бино иншоотлари «Таъминот ишонч гавхари» масъулияти чекланган жамиятга «ноль» қийматида берилиши натижасида 600 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан учрашиб, давом этаётган ишларни кўздан кечирган. Умумий қиймати 79 миллиард 560 миллион сўм бўлган лойиҳада ун ишлаб чиқариш, қоп ишлаб чиқариш янги тикув цехи барпо этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, туманнинг Андижон массиви «Қўштепа Миришкори» фермер хўжалиги пахта майдонида бўлган Абдураҳмонов теримчилар билан учрашган ва уларга совға топширган. Туман мутасаддиларига теримчиларга етарли шароитларни яратиб бериш, терим пулларини ўз вақтида бериб бориш зарурлигини таъкидланган.
Аввалроқ вилоят ҳокими Бўстон туманида ўқув-семинар ўтказгани ҳамда 2 минг ўринли мактаб ва хизмат кўрсатиш объектларини ўз ичига олган «Asaka city»га боргани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Шуҳрат Абдураҳмонов салкам 120 нафар коронавирусга чалинган бемор билан суҳбатлашгани ва 27 сентябрь куни Андижон шаҳридаги замонавий стандартлар асосида қурилиши режалаштирилган 3 та 16 қаватли уйларни лойиҳаси билан танишгани маълум қилинди.