Сирдарёда автомашина том қисмига қалбаки 20 минг доллар яширган йўловчилар ушланди
Сирдарё вилояти Ширин шаҳрига киришдаги йўл патруль хизмати масканида «Nexia» русумли машина текширилганда автомашина томига йўловчиларга тегишли бўлган қалбаки 20 минг доллар беркитилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган. Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридан Сирдарё вилояти томон ҳаракатланиб келаётган «Nexia» русумли автомашина Ширин шаҳрига киришдаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, текширилган. Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган фуқаролар Қ.Х. ҳамда Т.Ш.га тегишли бўлган қалбаки 20 минг доллар мазкур автомашина салонининг том қисмига яшириб қўйилганлиги маълум бўлган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, улар олдиндан ўзаро тил бириктириб, қалбаки 200 дона 100 доллар купюрасини Қирғизистонда яшовчи танишлари орқали 8 минг долларга сотиб олган. Шунингдек, мазкур пулларни Тожикистондаги танишларига 10 минг долларга сотишни режалаштирган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Фарғонада махсус рухсатномани сохталаштириб, иккита машинани жарима майдонидан олиб чиққан фирибгар ва Андижон туманида салкам 7 миллион сўм пулни қалбакилаштирганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик Жалақудуқда 350 дан ортиқ кишига ун олиб беришини айтиб, уларни 49 миллион сўмга чув туширганлар ҳамда Андижонда ҳужжатсиз дори воситаларининг нархини сунъий ошириб сотаётган гуруҳ ушлангани маълум қилинганди.